Пул маблағларини Ўзбекистон банкларида сақлаётганларнинг ҳисоб рақамлари текширилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.
Президент тадбиркорларни чет эл банкларидаги пул маблағларини Ўзбекистон банкларига кўчиришга чақирди.
«Нима учун буни баралла айтаяпман, ҳамма эшитсин: Ўзбекистонда [банкларда сақлаш учун] пулини қўйган бирорта одамни текширтирмайман. Олиб келинглар пулларингни, [банкларга] қўйинглар, корхоналар қуринглар, кластер қилинглар, заводлар очинглар, неча миллион доллар қилсаларингиз ҳам. У замонлар тугади, бўлган иш бўлди энди», — деди давлат раҳбари (нутқ «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури орқали намойиш этилди).
Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот маҳсулотлари Тошкент вилоятига пахтадан кўра кўпроқ даромад келтиришини ҳам таъкидлаб ўтди.
«Пахта бор-йўғи 1 млрд 200 млн доллар пул олиб келар экан. Шу ҳам иқтисод учун пулми, агар каттароқ ўйласак? Бу пул эмас Ўзбекистон учун. Биз бешта туманнинг мева-сабзавотини бугун қурган логистика марказимизда уч ойгина сақласак, Тошкент вилоятининг ўзи 500 млн долларлик мева-сабзавот экспорт қила олади. Менда бунга 100 фоизлик ҳисоб-китобим бор. Келамиз шу кунларга. Ишлашимиз керак, ишлашимиз керак», — деди Президент.
«Бу 500 млн доллар пул аввалгига ўхшаб Марказий банкка келмайди. Қаерга келади? Тадбиркорнинг чўнтагига келади», — дея ишонч билдирди давлат раҳбари.