Январь бошидан Ўзбекистоннинг қатор банклари Тошкентдаги банкоматлардан нақд пул ечиб олишга ўрнатилган кунлик меъёр миқдорини оширди. Бу ҳақда молия муассасалари вакиллари «Газета.uz"га хабар қилди.

Жумладан, «Флешка» техномарказига банкомат ўрнатган Asia Alliance bank банки чегарани 500 минг сўмгача, «Ипотека-банк» ва «Трастбанк» — 400 минг сўмгача, Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» — 200 минг сўмгача оширди. Ечиб олинаётган маблағнинг 1 фоизи миқдоридаги комиссион солиқ сақланиб қолди.

Банклардан бирининг вакили «Газета.uz» саволларига жавоб қайтарар экан, нақд пулни ечиб олишдаги лимитларнинг тўлиқ бекор қилингани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

Банкоматлар орқали аҳолига нақд пул бериш бўйича хизматлар 14 августдан буён кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар ҳар кунлик меъёр 100 минг сўмни ташкил этар эди.

Ноябрда Халқаро пресс-клуб мажлисида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов тижорат банклари банкоматлар сонини 2017 йил сўнгига қадар 200 донагача кўпайтиришини маълум қилган эди.