Тошкент аэропорти 6 январь куни ноқулай об-ҳаво шароити сабабли ҳаво кемаларини қабул қилиш учун ёпилди.

«Ҳаво бандаргоҳи ҳудудида кучли туман, кўриш чегараси эса энг паст даражада. Халқаро қоидаларга мувофиқ, бундай шароитда ҳаво кемаларининг қўниши тақиқланган», — дейилади Миллий авиакомпания хабарида.

Аэропорт онлайн-таблосида 23:59 да берилган маълумотларга кўра, Бишкекдан Air Manas (ZM 1029), Миллий авиакомпания (HY 604) ва Москвадан Аэрофлот (SU 1990) рейслари, шунингдек, МАКнинг Маледан (HY 3518), Turkish Airlines компаниясининг Истанбулдан (TK 370), Rossiya Airlines (FV 6971) ва Аэрофлотнинг Санкт-Петербургдан (SU 6971) учиб келган рейслари ушланиб қолди.

Шунингдек ЮТэйр (UT 806) ва Аэрофлотнинг (SU 1991) Москвага, Air Manas компаниясининг Бишкекка (ZM 1030), Turkish Airlines’нинг Истанбулга (TK 371) парвозлари тўхтатилди.

Маҳаллий йўналишларда Нукус (HY 18), Қарши (HY 80), Навоий (HY 48), Бухорога (HY 24) ҳамда Нукусдан (HY 17) парвозлар тўхтатилди.

Flightradar24 сайти маълумотларига кўра, МАКнинг Маледан келган рейси (HY 3518) Навоий аэродромига йўналтирилган.

Ҳаво ҳолати яхшиланганидан сўнг барча самолётлар белгиланган аэропортларга етиб келади, дейилади хабарда.