8 январь куни Тошкент ва Чимкент (Қозоғистон) ўртасида автобус алоқаси йўлга қўйилади, дея хабар қилди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги.

Жума, 5 январь куни Ўзбекистон делегацияси иштирокида биринчи синов рейси амалга оширилди. 8 январдан йўловчи автобуслари ҳар куни 6:00—7:00 дан 19:-20:00 гача бир соат оралиқда ҳаракатланишни бошлайди.

«Рейслар вақти мавсумга қараб ўзгариши мумкин. Агарда ИИВ кечки сафарларга рухсат берса уларни 21:00—22:00 да ҳам амалга оширишимиз мумкин», — дея қайд этилди агентликда.

Йўналишда люкс синфига мансуб 20 дона MAN, Mercedes-Benz ва Higer автобуслари қатнаши режалаштирилган.

Йўл ҳақи (бошланғич босқичда 50 фоизлик чегирма билан) 80 минг сўм (Чимкентдан 10 доллар), йўл учун сарфланадиган вақт эса 3−3,5 соатни, йўналиш оралиғи 145,2 км ни ташкил этади. Рейслар чегара-ўтказиш пунктларида устувор тартибда техник тўхталишларсиз амалга оширилади. Яъни автобуслар, йўловчилар ва уларнинг юклари божхона кўриги ва чегара паспорт назоратидан бошқа усуллар билан чегараларни кесиб ўтаётганлардан алоҳида — навбатсиз ўтказилади.

Автобуслар «Ғишт кўприк» (Ўзбекистон) ва «Жибек Жоли» (Қозоғистон) назорат-ўтказиш пунктлари орқали чегарани кесиб ўтади. Йўналишнинг охирги тўхташ пункти «Тошкент» (Ўзбекистон) ва «ШКААВ» (Қозоғистон" ҳисобланади.

Агентлик келгусида Қоғозистон шаҳарларини Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлари билан боғлашни режалаштирмоқда.