Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган 209−1-модда билан тўлдирилди.

«Тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш формали кийим-бошни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», — дейилади моддада.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бу ва бошқа ўзгартишлар «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун асосида киритилди. Ҳужжат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланиб, расман эълон қилинган кундан кучга кирди.