Ўзбекистон ИИВ вилоятлар ўртасидаги 54 та йўл-патрул хизмати маскани ва блокпостлар фаолияти тугатилганини маълум қилди.

Вилоятлар чегараларидаги постларни тугатиш масаласи Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги парламентга мурожаатномасида кўтарилган, бу каби постлар одамлар ҳаракатланишини чеклаб, иқтисодиёт ва туризмнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатилаётгани таъкидланган эди.

Бу ерда Шаҳрихон туманидаги тўсиқ пости мавжуд эди. Фото: ИИВ.

Кейинроқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга вилоятлар чегараларида жами 133 та пост, жумладан 60 та ЙПХ, 73 та ППХ постлари эканини маълум қилган эди.

ИИВда вилоятлар ўртасидаги постларнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди. Дастлабки ўрганишлардан кейин 66 та постни тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги доимий ЙПХ пости. Фото: ИИВ.

Беруний туманидаги ЙПХ пости жойлашган ер. Фото: ИИВ.

Айни вақтгача 21 та ЙПХ, 14 та блокпост ва 19 та тўсиқ пост фаолияти тугатилди.

ИИВ қолган постлар фаолиятини ўрганиш давом этаётганини маълум қилди.