1 январдан Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён мавжуд бўлиб келаётган йили тўлмаган автомобиллар бўйича ишончномалар ва шартномаларни нотариал тасдиқлаганлик учун бож бекор қилинди. Бу Президентнинг 29 декабрдаги 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Бунга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган, фойдаланиш муддати ишлаб чиқарувчининг расмий дилерларидан харид қилинган кундан бошлаб бир йилдан ошмаган енгил автотранспорт воситалари бўйича тегишли шартномаларни тасдиқлаганлик учун ҳар бир от кучи учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бож ундирилар эди.

Амалда расмий дилерлардан харид қилинганига уч йилгача бўлган автотранспорт воситаларини олди-сотди қилиш, алмаштириш, тортиқ қилиш бўйича шартномаларни тасдиқлаганлик учун бож миқдори ЭКОИҲнинг 10 баравари, чет элда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари учун ЭКОИҲнинг 30 баравари, автомобиллардан фойдаланиш ва уларга эгалик ҳуқуқи учун ишончномани нотариал тасдиқлаш ота-оналар, турмуш ўртоғи ва унинг ота-онаси, болалар ва уларнинг турмуш ўртоқлари, ака-укалар, опа-сингиллар, неваралар ва жиянлар учун ЭКОИҲнинг 1 баравари, бошқа шахсларга фойдаланиш ҳуқуқини бериш — ЭКОИҲнинг 5 баравари, бошқа шахсларга эгалик ҳуқуқини бериш — ЭКОИҲнинг 10 баравари миқдоридани ташкил этади.