Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисини Янги йил билан табриклади.

«Сиз азизларни, мўътабар нуронийлар, меҳрибон опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, кўп миллатли бутун халқимизни ушбу қутлуғ айём билан самимий табриклайман», — деди давлат раҳбари ўз табригида.

«Биз тараққиётимизнинг янги даври, янги босқичига қадам қўйдик. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этдик. Минг шукрки, турли муаммо ва қийинчиликларга қарамасдан, 2017 йил мамлакатимиз учун тинч, ҳар томонлама омадли ва баракали бўлди», — дея таъкидлади Президент.

«Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда. Халқ деган тушунчанинг қадри юксалмоқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда. Буларнинг барчаси одамларимизнинг кундалик ҳаётида ўз амалий ифодасини топмоқда. Уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

2017 йилда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятнинг ғоятда самарали бўлганини таъкидлаган Президент айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатлар янгича руҳ ва мазмун касб этаётганини таъкидлаб ўтди.

«Биз Янги — 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном бердик, — дея давом эттирди мамлакат раҳбари. — Биз буюк келажагимизни айнан мана шундай юксак мақсад ва ғоялар асосида барпо этамиз. Халқаро майдонда кескин рақобат кучайиб бораётган ҳозирги вақтда бу энг тўғри ва самарали йўлдир».

«Шу маънода, 2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор», — деди у.

«Янги йилда ҳам халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини, барча тоифадаги аҳолимиз даромадларини оширишга алоҳида аҳамият берамиз. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади. Чет эллардаги ватандошларимиз билан алоқаларни кенгайтиришга янада катта эътибор қаратамиз» — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ишонаман, 2018 йилда барчамиз биргаликда, ўзимизни аямасдан меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга албатта эришамиз», — дея таъкидлади Президент.

Видео