Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари жума куни атом энергиясидан тинчлик мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳужжатга бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев томонидан имзо чекилди.

«Росатом» матбуот хизматининг хабар қилишича, битим атом энергиясидан тинчлик мақсадларда фойдаланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни яратади.

Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли йўналишлар сифатида Ўзбекистон атом энергетикаси учун миллий инфратузилмаларни такомиллаштириш ва кадрларни тайёрлаш, мамлакатда АЭС ва тадқиқот реакторларини қуриш, шунингдек уларнинг барча ҳаётий циклларини қўллаб-қувватлаш, уран конлари разведкаси ва уларни ўзлаштириш, уран радиоизотопларини ишлаб чиқиш ва уларни саноат, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги, илмий ва фундаментал тадқиқотларда фойдаланиш кабилар белгиланди.

Битим аниқ лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни бажариш учун ҳамкорликдаги ишчи гуруҳларни шакллантириш, экспертлар алмашиш семинар ва симпозиумларни ташкил этишни ҳам кўзда тутади.

2 ноябрь куни Россия бош вазири Дмитрий Медведовнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон Фанлар академияси ва «Росатом» ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда ФА Ядро физикаси институти ва «Росатом"нинг «ТВЭЛ» Ёнилғи компанияси ўртасида ВВР-СМ тадқиқот реактори учун ядро ёнилғисини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган эди.

Битим имзоланганидан сўнг «Росатом» раҳбари Алексей Лихачев шундай деди: «Бизнинг таклифимиз — бу ерда, Ўзбекистонда ўзбек томони ўзи учун маъқул муддатларда „уч плюс“ ВВЭР-1200 авлодига мансуб иккита блокдан иборат станция қуриш. Бундай станциялар қуриш бўйича тажрибамиз жуда салмоқли».

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон учун эҳтимолий лойиҳа улкан аҳамият касб этади — мамлакат энергетика комплексини диверсификация қилиб, энергетик хавфсизлик учун катта имкониятларни ярата олади. Алексей Лихачев Россия томони ўз ҳисобидан Ўзбекистонга мутахассислар тайёрлаб беришга тайёр эканини қўшимча қилди.