Тошкентда йил бошидан буён пора олиш ёки порахўрликда воситачилик қилиш билан боғлиқ 493 ҳолат рўйхатга олинди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда пойтахт ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди.

Бунга қўшимча равишда сохта пул тайёрлаш ва муомалага чиқариш бўйича 33 та, валюта қимматликларини ноқонуний сотиб олиш ёки муомалага чиқариш бўйича 92 ҳолат аниқланди.

Шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Бобир Деҳқонов 29 нафар мансабдор шахснинг коррупцион жиноятларга қўл ургани ҳисобга олинганини маълум қилди. Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-(пора олиш), 211-(пора бериш) ва 212-(порахўрликда воситачилик қилиш) моддалари бўйича жавобгарликка тортилди.

«Мансабдор шахслар қаторида ички ишлар органлари, Суд қарорларини ижро этиш департаменти, нотариал идоралар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари, коммунал хизматлар ходимлари мавжуд», — дея аниқлик киритди прокуратура вакили.