Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Молия вазирлиги тизимида 500 дан ортиқ кишининг ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар қилди. Оммавий ишдан бўшатишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрда парламентга мурожаатномасида кескин танқидидан сўнг бошланди. «Ёшлар керак, тажриба муҳим эмас, асосийси миллатидан қатъи назар Ватанни севсин», — деган эди давлат раҳбари (видео).
ЎзА ўз хабарида шундай ёзади: «Собиқ Молия вазири ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи паноҳида бўлган ва ҳанузгача тизимда ишлаб келаётган, молия тизимининг номига доғ тушираётган «каламушлар"ни ҳайдаш юзасидан ҳудудий раҳбарларга қатъий топшириқлар берилган».

23 декабрь куни Тошкент шаҳар давлат молиявий назорати бошқармаси бошлиғи ҳамда унинг 3 нафар ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилди.

Шундан сўнг, Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан 273 нафар (23 нафари раҳбар ходимлар), Ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим), Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим), Давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) жами молия тизими бўйича 562 нафар давлат идораси номига доғ туширган ходимлар ўз лавозимидан озод этилди.

Молия вазирлиги тизимидаги вакант иш ўринларини инновацион ғоя ва фикрга эга, замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган, иқтидорли ёшлар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларига мурожаатлар юборилди.