Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий учрашувида иштирок этди, дея хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Ново-Огарёво қароргоҳида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди. Учрашувда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва Тожикистон президентлари ҳам иштирок этди.

Владимир Путин давлат раҳбарларини ташрифи билан қутлаб, Россиянинг МДҲга раислиги якунлари ҳақида тўхталиб ўтди. Жорий йил ўзаро интеграцияни мустаҳкамлаш ва ташкилот нуфузини ошириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди.

Учрашувда Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақага таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.

1 январдан МДҲ раислиги Тожикистонга ўтади.