2017 йилнинг биринчи 11 ойи давомида ички ишлар органларининг 201 нафар ходими жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Худди шу давр мобайнида 7500 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилди, дея қайд этди ИИВ раҳбари.

У вазирлик тизимида «фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган, нопок, таъмагирлик, порахўрлик ва „Ички ишлар органлари ходими“ деган номга доғ тушириши мумкин бўлган салбий хатти-ҳаракатларни содир этишга мойил ходимлар йўқ эмас» дея тан олди.

«Биз бундай масъулиятсиз ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ва сафларимизни тозалаш бўйича манзилли чора-тадбирларни давом эттирамиз», — дея таъкидлади Пўлат Бобожонов.

«Халқимиз ва Президентимиз ички ишлар ходимларидан жуда катта ўзгаришларни кутмоқда. Бу юксак ишончни оқлаш осон кечмайди. Лекин биз, албатта, бунга эришамиз», — деди у.