Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5,167 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Суд ҳокимни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) бўйича айбдор деб топди. Мазкур ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори ЭКОИҲнинг 20 дан 40 бараваригачани ташкил этади.

Ҳоким томонидан таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилингани юзасидан Андижон вилоят прокуратураси текшириш ўтказди. Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Дилмурод Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Текшириш натижасига кўра ҳокимга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.