Ўзбекистонда МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди, деди Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасини тақдим этар экан.

«Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келмоқда. Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган», - дея Президент сўзларидан иқтибос келтирди ЎзА.

«Дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизм тарқалишига ҳамда бу иллатлар глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда», - деди Шавкат Мирзиёев.

«Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди», - дея таъкидлади Президент.