АҚШ Президенти маъмурияти 2012 йилда Россияда инсон ҳуқуқларининг бузилишига нисбатан қабул қилиниб, 2016 йилда глобал мақомга эга бўлган «Магнитский қонуни» доирасида «инсон ҳуқуқларининг бузилиш ва коррупция учун жавобгар» 13 киши ва 39 та ташкилотга нисбатан санкциялар жорий этди. Дональд Трамп 21 декабрда шу ҳақдаги фармонни имзолади, дея хабар қилди АҚШ Молия вазирлиги сайти.

АҚШ фикрича, Гулнора Каримова «давлат ресурсларидан бизнесни экспроприация қилиш, бозорларни монополлаштириш, порахўрлик ва рэкет мақсадларида фойдаланиш учун кучли уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган».

2017 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилгани, давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар миқдори эса 3,7 трлн сўмдан ошишини маълум қилган эди.

Санкцияга кўра рўйхатдагиларнинг АҚШ юрисдикциясидаги барча активлар блокланиб, Америка фуқароларига санкцион рўйхатдаги шахслар ва ташкилотлар билан ҳар қандай шартномаларни тузиш тақиқланади.

«Бугун Қўшма Штатлар ушбу ёмон шахсларни АҚШ молия тизимидан чиқариб юборган ҳолда бутун дунёда инсон ҳуқуқларининг суиистеъмол қилиниши ва коррупцияга қарши қатъий курашмоқда, - деди молия вазири Стивен Мнучин. - Ғазначилик департаменти уларнинг активларини музлатиб қўяди ва улар томонидан содир этилган кишини ғазаблантирувчи ҳаракатларни ошкора муҳокама қилади, уларнинг ҳуқуқбузарликлари учун улкан нарх ҳақида хабар беради».

Бир кун аввал АҚШ беш нафар россиялик, жумладан Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировга нисбатан ҳам санкция жорий этган эди.