Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев депутатлар қабул қилган ва сенаторлар тасдиқлаган 2018 йилги давлат бюджетига ўзгартишлар киритилмаса, унга қўл қўймаслигини маълум қилди.

Давлат раҳбари давлат бюджетининг парламентдаги муҳокамасидан, давлат бюджетини тақдим этган бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоровга берилган ўткир саволлардан рози бўлганини, бироқ тасдиқланган ҳужжатга қўл қўймаслигини маълум қилди.

«Бюджетнинг эгаси Молия вазирлиги, у ерда ўтирган ноинсофлар эмас. Мен одамлар ҳаётини осонлаштирадиган бюджетга қўл қўяман. Сизлар қўллайсизларми ёки йўқ?» - дея сўради Президент жума куни Олий Мажлисга мурожаатномасини тақдим этар экан.

«Нима учун мен Молия вазирлигида 15-20 йил ишлаган, лекин молиянинг „м“ ҳарфини ҳам тушунмаган одамларнинг ҳаммасини ҳайдавордим? Лекин раҳбарларни ҳайдавордим, пастдаги ўтирибди - „каламушлар“, қўпол бўлса ҳам. Яна ўша гап. Ҳар бир одамни бой қилайлик, ўзи солиқ тўлайди. Уни олдин талон-тарож қилсак қандай солиқ тўлайди? Энди-энди одамлар ўзгараяпти, энди-энди ишонаяпти, дарров унинг бошига…» - дея мурожаат қилди Шавкат Мирзиёев.

«Атрофингдагиларнинг ҳаммасини ҳайдавор, - дея ноябрь охирида молия вазири лавозимига тайинланган Жамшид Қўчқоровга юзланди Президент. - Кеча у гоҳлантирилди, агар ўзгариш қилмаса бир ойда уни ҳам ишдан оламан. Менга бундай молия керак эмас».

«[Элла] Острогожскаяни (Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасини бошқарган — таҳр.) деган ноинсофни ҳайдаганман, ҳалиям унинг „ҳиди“ келиб турибди менга. Ташқаридан туриб бир-иккиталар ишлаяпти. Менга Ватанни севган, ўзбек миллатини, ўзбек давлатини севган, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган молия бошлиғи керак», - деди давлат раҳбари.

Президент Жамшид Қўчқоровга 10 кун муддатда «барча эски касалликлардан халос бўлиш» ва кадрларни «тозалаш» вазифасини топширди. «Ёшлар керак, тажрибаси муҳим эмас, энг муҳими миллатидан қатъи назар Ватанни севсин», - деди у.

Президент парламентга юзланар экан: «Энди сизлар ҳам уйғонинглар. Талаб қилинглар, сизлар ҳам обрў қозонинглар», - деди. У оёққа туриб олганига қадар айрим тадбиркорлар тоифасига солиқ солишда енгилликлар бериш зарурлигини таъкидлаб ўтди.