Ўзбекистон Япония, Жанубий Корея ва Сингапур фуқаролари учун визасиз режимни жорий этиш, шунингдек электрон виза тизимини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатнинг пайшанба куни бўлиб ўтган 13-ялпи йиғилишида ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур чоралар 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган Ўзбекистон виза режимини либераллаштириш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилмоқда. Ғайрат Фозиловнинг маълум қилишича, яқинда Туркия ва Польша фуқаролари учун жорий этилган визаларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиблари яна 25 та мамлакат учун қўллаш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Европанинг 10 давлати, Малайзия, Таиланд ва Япония фуқаролари учун визаларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиблари жорий этилган.