Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди. бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу давлатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.

Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Достондек Жумабеков Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.