2018 йилда Қорақалпоғистонда ҳосилдорлиги паст бўлган 15 минг га майдонда пахта ўрнига қизил қалампир экилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дам олиш кунлари Оролбўйига сафари жараёнида юқори даромадли мазкур экинни етиштиришни кенгайтиришга топшириқ берди.

ЎзАнинг хабар қилишича, Хўжайли туманидаги янги логистика марказида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тақдимотлар қаторида аччиқ қалампир етиштириш ва уни экспорт қилиш лойиҳаси ҳам намойиш этилди.

бугунги кунда дунё бўйича 4,4 миллион гектар майдонда аччиқ қалампир экилиб, 68,3 миллион тонна ҳосил олинади. Бир гектар майдонда ҳосилдорлик 15−20 тоннагача етади. 5 килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкин. Мисол учун, 1 гектар майдондан 16 тонна ҳосил етиштирилса, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннасининг нархи дунё бозорида 8 минг 640 доллар атрофида баҳоланади. 2017 йилда аччиқ қалампир савдосидан олинадиган даромад 30 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Ушбу маҳсулотнинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексикада етиштирилади.

Президент кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига 60−80 кунда етиладиган аччиқ қалампир экиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, у ҳар бир вилоятда ушбу сердаромад ўсимликни кўпайтириш лозимлигини қайд этди. Уни экиш, агротехник тадбирларни ташкил этишда фермерларга индонезиялик мутахассислар ёрдам беради.

«Яқинда бир гуруҳ мутахассислар, туман ҳокимлари Индонезияда хизмат сафарида бўлдик, — дейди Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрмонов. — У ерда биз экспортбоп маҳсулотлар, айниқса, аччиқ қалампир етиштириш бўйича тажриба алмашдик. Жумладан, 2018 йилда туманимиздаги фермер хўжаликларининг 1000 гектар ер майдонида мутахассисларни жалб этган ҳолда, Индонезиядан аччиқ қалампир кўчатларини олиб келиб экмоқчимиз»

Мавжуд маҳаллий қалампир навларидан фойдаланиш қулай эмасми, деган саволга у қуйидагича жавоб берди: «Биздаги қалампир навларининг аччиқлик даражаси 3,4 баллни ташкил этади. Индонезиядан олиб келинадиган қалампир кўчатларининг аччиқлик даражаси эса 7,8 баллни ташкил қилади, яъни дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради ва экспортбоп».

«Бундай навли аччиқ қалампирнинг ҳар гектаридан 20−27 миллион сўм фойда кўриш мумкин, бу пахтага нисбатан бир неча баравар кўп демакдир», - деди Беруний тумани ҳокими.