Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков 13−14 декабрь кунлари Тошкентга расмий ташрифи вақтида кўрсатилган эҳтиром ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди.

«Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик алоқалари, яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларига асосланган стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш бўйича эришилган келишувлардан жуда ҳурсандман», - деди Сооронбай Жээнбеков.

«Йўловчи транспорти қатновини қайта тиклаш, транзит ташишларни таъминлаш ва транспорт йўлаклари очиш, шунингдек, экспорт-импорт алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши оддий фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратишига ишончим комил», - дея таъкидлади Қирғизистон раҳбари.

«Ўйлайманки, Қирғизистон — Ўзбекистон давлат чегараларининг қолган қисмини делимитация қилиш ишлари ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаол суръатда давом этади», - дея қўшимча қилди у.

Сооронбай Жээнбеков Шавкат Мирзиёевнинг дипломатияда янги анъаналарга асос солаётгани, давлатлараро аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда ностандарт ва самарали ёндашувларни намоён қилаётганини таҳсинга сазовор, деб атади.

«Сиз нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка ижобий суръат бағишладингиз», - дея таъкидлади у.

Қирғизистон томони Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. «Биз бу ташаббусни амалга ошириш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз», - дейилади мактубда.

«Сизнинг ташриф давомида бир неча бор янграган „дардингизни ўз дардимиз, ғалабангизни ўз ғалабамиз сифатида қабул қиламиз“, деган сўзларингиз қирғиз халқига эзгу муносабатингиз ифодаси бўлиб, қалбимдан чуқур жой олди», - дея қайд этди Сооронбай Жээнбеков.