Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга ҳамдардлик мактубини йўллади. Мактубда «Инсонлар ҳалок бўлишига олиб келган Вашингтон штатидаги йўловчи поезди аварияси тўғрисидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди», — дейилади.

Давлат раҳбари АҚШ Президентига чин дилдан таъзия билдирди ва қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳат олганларга ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради, дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Seattle Times маълумотларига кўра, АҚШнинг Вашингтон штатида поезднинг автомобиль йўлига қулаб тушиши натижасида олти нафаргача киши ҳаётдан кўз юмган, юзга яқин киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида ҳам поезд йўловчилари, ҳам рельслардан чиқиб кетган вагонлар устига қулаган автомобилларнинг ҳайдовчилари ва йўловчилари бор.