20 декабрь куни 12:00 да пойтахтдаги «Бунёдкор» стадиони яқинида илк бор ҳарбий-ватанпарварлик акцияси бўлиб ўтади.

Тадбирда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги замонавий қурол-яроғлар, ҳарбий техникалар ва фронт орти таъминоти намойиши бўлиб ўтади, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ҳарбий хизматчилар ҳарбий машғулотлардан парчалар ва қўл жанги элементларини намойиш этади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда «Ватанпарвар» спорт клублари махсус ва техник воситалари намойиши ҳам бўлиб ўтади.

Ҳарбий оркестр ва миллий эстрада юлдузларининг концерт дастури бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мудофаа вазирлиги барчани ушбу акцияда иштирок этишга таклиф этади. Кириш бепул.

Бу каби тадбирлар Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонлаш доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтади.