Октябрдан янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш бошланганидан буён Тошкентнинг 8404 нафар ҳайдовчиси ушбу ҳужжатга эга бўлди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ сайти. Яна 1977 киши эса автомактабни тамомлаганидан сўнг янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди.

Янги гувоҳнома ҳамда автомототранспорт воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳнома 10 йил муддатга берилади. Гувоҳномаларни 2018 йил 31 декабрига қадар кўнгилли равишда, 2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 декабрга қадар мажбурий тартибда алмаштириш белгиланган. Янги намуналарни олиш учун ҳайдовчининг паспорти, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унга берилган талонни тақдим этиш талаб қилинади.

Автомототранспорт воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳнома мажбурий техник кўрикдан ўтиш жараёнида босқичма-босқич алмаштириб борилади.