Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни 2018 йилда янги шаклда ўтказилади. Бу ҳақда 14 декабрь куни Мудофаа вазирлиги матбуот анжуманида маълум қилди.

Ўзбекистон Президентининг 7 декабрдаги фармойишига мувофиқ, байрам арафасида 5−10 январь кунлари Тошкентда ва вилоят марказларида ҳарбий ватанпарварлик фестивали ташкил этилади. Уларда ҳарбий техника, қурол-яроғ намойиши, ҳарбий оркестрлар концертлари, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишлари, шунингдек «Ватанпарвар» клубларининг ҳарбий-техника ва спорт имкониятлари тақдимотлари ўтказилади. Ушбу тадбирлар кенг форматли экранларда ёритиб борилади.

10−15 январь кунларида Тошкент ва вилоятлар марказларининг асосий кўчалари бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг тантанали марши - «Ҳарбий оркестрлар мусиқаси» бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирокида спорт марафонлари бўлиб ўтади.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. 15 январь куни ОТМлар, лицейлар, коллежлар ва мактабларда ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида жасорат дарслари ўтказилади.

Декабрь ва 2018 йил давомида ҳарбий қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасалари, сержантлар тайёрлаш мактабларида ёшлар учун очиқ эшиклар кунлари ўтказилиши кутилмоқда.

10 январга қадар лицей, коллеж ва мактабларнинг бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув хоналарини жиҳозлаш якунига етказилиши лозим.