Қирғизистон Иссиқкўл вилоятидаги тўртта пансионат жойлашган ер участкаларини вақтинча фойдаланиш учун Ўзбекистонга бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. бош вазир Сапар Исаков ҳукуматнинг шу ҳақдаги қарорини имзолади, дея хабар қилди Қирғизистон ҳукумати сайти.

Қарор Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 1994 йил 24 декабрдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ қабул қилиниб, туризмни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга қаратилган, дейилади хабарда.

Эришилган шартномага мувофиқ, Ўзбекистон Халқаро арбитраж судидан шикоятни қайтариб олади. Шундай қилиб мавжуд барча муаммолар тинч йўл билан ҳал этилади.

Қарорда «Дилором», «Роҳат», «Олтин қум» ва «Бўстон» пансионатларини Ўзбекистон мулки сифатида расмийлаштириш тартиблари ўрнатилади. Ўзбекистон томони ушбу объектларни Қирғизистонда қабул қилинган стандартлар асосида муайян муддат ичида 3 ёки 4 юлдузли меҳмонхоналарга айлантириш учун инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Шунингдек, меҳмонхоналарни қуриш ва ундан фойдаланишда энг камида 80 фоиз ишчилар Қирғизистон фуқаролари бўлиши лозим. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ўзбекистонлик сайёҳлар оқимининг ортишига, қардош халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда, дейилади хабарда.