2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ойлик маошлар миқдорининг ўсиши инфляция даражасидан паст бўлмайди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳар олти ойда ойлик маошларнинг инфляция натижасида йўқотилган қисмини қоплаш тизими жорий этилади. «Келгуси йилдан бошлаб… ойлик маошлар инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда оширилади. Бу 2018 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсати концепциясида кўзда тутилган. Масалан, 1 январдан 1 июлгача инфляция қандай бўлишига қараб олти ой якунлари бўйича ойлик маош ҳам оширилади, йил сўнгида эса у яна бир марта оширилади», - деди у.

Асосий мақсад - 2020 йилга қадар аҳоли даромадларини кескин ошириш, деди у.

«Бунинг учун ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш керак. Биз учта асосий муаммони ҳал этишимиз ҳам керак: ёнилғи тақчиллиги муаммосини ҳал этиш, жумладан республиканинг энг олис туманларига электр энергияси ва газни узлуксиз етказиб беришни таъминлаш. Бу маҳсулотлар тан нархининг пасайиши, ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади», - деди Мубин Мирзаев.

Келгуси йилдан газ қазиб олиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 17 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, газ ва электр энергиясини етказиб бериш соҳасида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. «Ҳа, биз газ экспорт қиламиз. Аммо ҳукумат олдига газ дастлаб ўз ишлаб чиқарувчиларимизга етказилиши, улар эса, ўз навбатида, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариб, ушбу товарларни экспорт қилишлари мумкин. Биз 2017−2018 йилларда биринчи марта Ўзбекистонда барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш учун Қирғизистондан электр энергиясини импорт қилмоқдамиз», - деди иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари.

Мубин Мирзаевнинг қайд этишича, 2018−2019 йилларда Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Канада ва Туркия компаниялари билан ҳамкорлик доирасида ички бозорни муқобил электр билан таъминлаш, кейинги босқичда эса уни, масалан Афғонистонга, экспорт қилиш мўлжалланмоқда.