Avtotest компанияси 31 октябрь куни «Avtotest. Фақатгина бизнес, бошқа ҳеч нарсами?» сарлавҳали мақолани чоп этган Anhor.uz нашри устидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Матбуот ва ахборот агентлигига йўллаган шикоятини қайтариб олганини маълум қилди.

Мақолада Вазирлар Маҳкамаси томонидан 4 сентябрь куни қабул қилинган «Ўқитишнинг инновацион усулларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори мамлакат қонунчилиги, жумладан Конституцияга зид экани келтириб ўтилган.

Мақолада ҳукумат алоҳида хўжалик субъектига имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш орқали бошқа хўжалик субъектларига нисбатан унга устунлик тақдим этгани қайд этилади.

2 ноябрь куни Avtotest ваколатли органларга мурожаат қилади. Бироқ 13 декабрь куни Anhor.uz таҳририяти «можаро тамом бўлгани"ни маълум қилди.

«Биз мамлакатда эркин сўз тарафдоримиз ва ўз шахсий фикрига эга шахслар, жумладан www.anhor.uz таҳририяти фикрини ҳурмат қиламиз. ОАВнинг танқидий нуқтаи назарга эга бўлиш ҳуқуқини тан олган ҳолда ахборотлар аниқлик билан ва қонун доирасида тарқатилиши лозим, деб ҳисоблаймиз», — дейилади Avtotest бош директори Оксана Тигайнинг мурожаатида.

Anhor.uz таҳририяти, ўз навбатида, Avtotest инновацион фаолиятини ёмонга чиқариш қилинмагани қайд этиб, жамиятдаги ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни очиқ муҳокама қилишга чақирди.