2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари икки йилда бир марта Avtotest ўқув мажмуалари базасида малака ошириш бўйича машғулотларга қатнаши лозим. 4 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукуматининг шу ҳақдаги қарори қабул қилинган эди.

Юридик шахслар ҳайдовчиларининг малакасини мунтазам равишда ошириш тўғрисидаги талаб аввал ҳам мавжуд эди.

Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электротранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тўғрисидаги Низомда (2010 йилдаги таҳрирда) йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ҳар йили, юк ташувчи ҳайдовчилар эса ҳар икки йилда 30 соатлик малака ошириш курсларига қатнаши лозим.

Ҳужжатнинг янги таҳририда ҳар икки тоифадаги ҳайдовчилар учун курслардан ўтиш давомийлиги ўрнатилиб, 1 июлдан бошлаб Avtotest сертификатига эга бўлмаган юридик шахс ҳайдовчисини жаримага тортиш йўли билан мазкур талаб устидан назоратни кучайтириш белгиланган. Сентябрдаги ҳукумат қарорида ҳайдовчилар малакасини ошириш тўғрисидаги қонунчилик етарли даражада амалга оширилмаётгани тан олинган.

Ҳайдовчилар тайёрлашни яхшилаш зарурияти мавжудлигига шубҳа қилмаган ҳолда қарорнинг қуйидаги бандига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ: «Аксарият ҳолларда юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчиларига айланиб қолмоқда».

Расмий ва хусусий ОАВларда чоп этилган қарор тўғрисидаги мақолаларда қуйидаги маълумотлар келтирилмоқда: 2016 йилда йўловчилар ва юк ташувчи ҳайдовчилар айби билан 972 та ЙТҲ содир этилган бўлиб, уларда 352 киши ҳаётдан кўз юмди, 962 киши жароҳатланди. Мазкур тоифага мансуб ҳайдовчилар томонидан жами 3890 ЙҲҚ бузилиши қайд этилган бўлиб, уларнинг 217 таси маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, 193 таси эса светофорнинг тақиқланган чироғидан ўтишга тааллуқли.

«Газета.uz» ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидан ўтган йил давомидаги статистикаларни олиб, уларни ОАВдаги маълумотлар билан таққослади. Унга кўра, 2016 йил давомида юридик шахслар томонидан жами бўлиб 972 та ЙТҲ содир этилган бўлиб, бу умумий 10212 та ЙТҲнинг 9,5 фоизини ташкил этади. Бунда 352 киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, йўлларда ҳалок бўлган жами 2496 кишининг 14,1 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, 2016 йил давомида ЙТҲлари натижасида жароҳатланган 9845 кишининг 962 нафари ёки 9,7 фоизи юридик шахслар ҳайдовчилари айби билан жабр кўрган.

Хулоса: йўловчи ва юк ташувчи ҳайдовчиларга қўйилган талаб улар томонидан ЙҲҚларга риоя этилмаслиги сабабли одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавф юқори даражада эканини инобатга олган ҳолда ҳақиқатдан ҳам оширилиши шарт, бироқ Ўзбекистонда улар томонидан содир этилаётган ЙТҲлар сони аксарият кўпчиликни ташкил этмоқда, деган маълумот ҳақиқатга яқин эмас.

«Газета.uz» Ўзбекистон йўлларида хавфсизликни ошириш учун зудлик билан комплекс чоралар кўрилиши, биринчи навбатда 1) йўл ҳаракатини ташкил этиш принциплари, 2) йўллар ва кўчаларни лойиҳалаштириш стандартларини ва 3) муқаррар жазони таъминлашни қайта кўриб чиқиш шартлигини таъкидлайди. Ўзбекистонда бутун дунёда амалда қўлланилаётган талабларга кўз юмилаётганини қарор муҳокамаси ҳақидаги мақолаларда эълон қилинган фотосуратлардан кўриш мумкин.

Асослантирилмаган кенг кўчалар, йўл чизиқларининг мавжуд эмаслиги, юқори тезликда ҳаракатланишга рухсат берилгани, хавфли ажратувчи панжаралар, қулай чорраҳалар ўрнига ноқулай айланиш жойлари — Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги кўплаб муаммоларнинг бир қисми холос. Фото: Uz24.uz.