1948 йил 9 июлда Сан-Францискода (АҚШ) имзоланган Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-Конвенцияси 12 декабридан бошлаб Ўзбекистон учун кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистоннинг ушбу конвенцияга қўшилиши 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясида ўз ифодасини топган, ҳар бир инсоннинг уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқини кафолатловчи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи умумэътироф этилган меъёрларга ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг фундаментал конвенцияларига мамлакатимиз содиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Ҳужжат илғор халқаро тажриба асосида касаба уюшмаларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади, дейилади хабарда.

87-Конвенция ХМТнинг саккизта асосий конвенциясидан бири бўлиб, 1948 йил ХМТ Бош конференциясининг 31-сессиясида қабул қилиниб, 1950 йилда кучга кирган.

Конвенцияда ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, ушбу ташкилотларга кириш ҳуқуқи, ходимлар ва иш берувчи ташкилотларининг ўз уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиши, давлат органларининг бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилувчи аралашувидан эркинлик, ходимлар ва иш берувчи ташкилотларни тарқатиб юборишни ёки маъмурий тартибда улар фаолиятини тўхтатиб қўйишни таъқиқлаш, ходимлар ва иш берувчиларга бирлашиш ҳуқуқини эркин амалга ошириш кўзда тутилган.