Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида Туркия томонининг ташаббуси билан 11 декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати хабар қилишича, мулоқот аввалида Туркия Президенти Ўзбекистон раҳбарини мамлакатда таркибий ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш бўйича қўлга киритилган амалий натижалар билан самимий муборакбод этди.

Ўзбекистон Президенти мамлакатда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ва юксак тараққиётни таъминлашга қаратилган сиёсатни юқори баҳолагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида Туркия Республикасига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Савдо-иқтисодий, технологик, молия-сармоявий, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзаро самарали алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Президентлар, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммити кун тартибидаги масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари бўйича фикр алмашдилар.

Эслатиб ўтамиз, ИҲТ саммити 13 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари томонидан Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши муносабати билан чақирилмоқда. Туркия айни пайтда ИҲТга раислик қилмоқда.