Ўзбекистонда риэлторлик фаолиятини лицензиялашни Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент ҳокимияти ваколатига топшириш йўли билан мазкур соҳани бошқариш тизимини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Ҳозирда лицензиялаш Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинган Президент фармони лойиҳасида кўчмас мулк бозорида ахборот ва консультация хизматларини кўрсатишни лицензиялашни ҳамда риэлторлик ташкилоти устав капиталининг энг кам миқдорига қўйилган талабни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатда риэлторлик хизматларини кўрсатиш бўйича ҳудудий марказларни ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу марказларда кўчмас мулк объектлари билан боғлиқ барча хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Риэлторлик ташкилоти ёрдамида тузилган кўчмас мулк объекти ва биноларни олти ойгача бўлган қисқа муддатга тақдим этиш бўйича шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш ва нотариал тасдиқлаш мажбуриятини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Риэлторлик ташкилоти солиқ хизматлари органларига тузилган ижара шартномалари ҳамда ижара тўлови ҳажми тўғрисида маълумотнома тақдим этади.

Қўшимча равишда риэлторлик ташкилотида фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжуд бўлиши шартини киритиш таклиф қилинмоқда. Энг кам ойлик иш ҳақининг 3000 баробари миқдоридаги мазкур суғурта полиси риэлторлик ташкилоти айби билан етказилган зарарлар ўрнини қоплашга йўналтирилади.