Туризмни ривожлантириш давлаьт қўмитаси, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Tehno Dargoh компанияси 6 декабрь куни ҳамкорликдаги VERUM QR лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Давлат туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, лойиҳа мамлакатдаги туристик объектлар ва диққатга сазовор масканларни QR-кодлар билан таъминлашни кўзда тутади. Ушбу кодлар орқали сайёҳлар смартфонлари ёрдамида 12 тилда мазкур объектлар тўғрисидаги маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа Хивада синов режимида иш бошлади.

Давлат туризм қўмитаси туризм саноатига IT-технологияларни жорий этиш ўзининг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблайди ва SMART-туризмни жорий этиш бўйича IT-компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан Uzbekistan Pass ягона туристик картани жорий этиш, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» билан смартфон ёрдамида самолёт ёки поездга чиқишдан 24 соатгача муқаддам электрон чипталарни рўйхатга олиш ва харид қилиш хизматини йўлга қўйиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.