Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Чилонзор туман ҳокимияти туманда мўъжаз туристик кластер ташкил этиш бўйича ишларни бошлаб юборди.

Қўмита матбуот хизматининг хабар қилишича, Юрий Гагарин кўчасини ихтисослашган туристик кўчага айлантириш режалаштирилмоқда. Бу ерда сайёҳлар харидларни амалга ошириш, мазали таомлар истеъмол қилиш ва кўнгил ёзишлари мумкин бўлади.

Лойиҳа доирасида бренд дўконлари, умумий овқатланиш шохобчалари, эсдалик совғалар, ҳунармандлик буюмлари дўконлари ва бошқа объектларни очиш режалаштирилган.

Кўчада кабутарлар майдончаси ҳам ташкил этилади. Бу ерда аҳоли ва сайёҳлар ўз қўллари билан кабутарларни боқишлари мумкин бўлади.

Кўчада мунтазам равишда маданий тадбирлар, жумладан фольклор ансамбллари, бахшилар, дорбозлар ва бошқалар чиқишлари намойиш этиб борилади.

Давлат туризм қўмитаси худди шундай ишларни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида ҳам олиб бормоқда.