Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани чоршанба куни Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди, хабар берди ЎзА.

Мазкур университет Ўзбекистондаги йирик билим масканларидан биридир. Ундаги саккиз факультетда 7000 дан зиёд талаба ва магистр таълим олмоқда.

Афғонистон Президенти университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳузурида маъруза қилди.

Муҳаммад Ашраф Ғанига Бухоро давлат университети фахрий доктори унвони берилгани тўғрисида диплом топширилди.

«Дунё илм-фани ва ислом оламида катта ўрин тутган Бухорои шарифни зиёрат қилиш орзуим эди. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга бу имкониятни яратиб бергани учун самимий миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон заминидан Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Бу ерда таълим олаётган ёшлар мана шундай боболарига муносиб бўлиб вояга етишмоқда», — деди Муҳаммад Ашраф Ғани.