«Бунёдкор» -«Локомотив» ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги финал учрашувидан сўнг мухлислар «темирйўлчилар» ғалабасини нишонлаш учун майдонга югуриб чиқишди, дея хабар тарқатди Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Илк бор Ўзбекистон Кубоги финали олдидан ЎФФ мухлислар учун ўзига хос шоу ташкил этди. Шоу-дастурда ўзбек эстрадасининг таниқли вакиллари — Шаҳзода, Райҳон, «Уммон», «Беном», Шаҳриёр, Рухшона каби эстрада юлдузлари иштирок этди. Футбол федерацияси ушбу дастурни ташкил этишда кўмак кўрсатгани учун Маданият вазирлигига миннатдорчилик билдирди.

25 ноябрь куни ПФЛ бош директори Омон Ғофуров Япониянинг Сайтама шаҳрида ОЧЛ финалиташриф буюрган эди. ПФЛ раҳбари ОЧЛ финали каби нуфузли мусобақаларни ташкил этиш тажрибасини ўрганиб, бу тажрибани Ўзбекистонда ҳам қўллаш мақсадида катта шоу ташкил этишга қарор қилди.

«Мухлисларни стадионда хурсанд қилиш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан копток ва шарфлар совға тариқасида тарқатилди. Мухлисларнинг эмоцияларга берилиб, ўйин якунига етганидан сўнг „Локомотив“ клуби футболчиларини табриклаш мақсадида майдонга чиқиб кетиши каби вазиятлар футболи ривожланган давлатларда ҳам учраб турадиган ҳолат ҳисобланади», - дея маълум қилди ЎФФ.

Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, ОФК раҳбари Салмон бин Иброҳим ал-Халифа ва ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА ҳакамлари билан биргаликда. Фото: ЎФФ.

Финал учрашувини Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа бевосита стадиондан кузатиб борди. ОФК Президенти муросасиз кечган финал ўйинидан катта таассурот олганини таъкидлаб, Ўзбекистонда мухлисларнинг футболга бўлган қизиқиши юқори эканини қайд этиб ўтди.

Хабарда қайд этилишича, Футбол федерацияси келаси мавсумдаги учрашувларни ҳам кўтаринки кайфиятда, ҳақиқий байрам тарзида ўтказиб, футбол мухлисларини хурсанд қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради.