1 декабрдан Ягона давлат интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқинида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни енгиллаштирувчи хизматлар ишга туширилди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Уй-жой эгалари ўз уй-жойи мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда мол-мулкка нисбатан хатлов ёки тақиқ борлиги тўғрисида маълумот олиш бўйича хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Ҳозирча Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар ушбу хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун кадастр рақамини ва манзилни ўз ичига олган шахсий кабинетда уй-жой тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш керак. Маълумотнома олиш учун сўров киритилгач, жавоб автоматик тарзда тақдим қилинади, дейилади хабарда.

Ўз уй-жойининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун махсус шаклни тўлдиришлари зарур. Маълумотномани шакллантириш муддати уч иш кунини ўз ичига олади.

Мулк бўйича хатлов ёки тақиқларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумот уч иш куни мобайнида бепул тақдим этилади.

ЯИДХПнинг «Кўчмас мулк» бўлимида қуйидаги хизматлар тақдим этилмоқда:

Кўчмас мулкни ҳадя этиш ёки айрибошлаш, олди-сотди бўйича мурожаатнома йўллаш;

Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома олиш;

Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома олиш.