4 декабрь куни вице-президент Питер Махер бошчилигидаги Вебстер университети делегацияси Тошкентга ташриф буюрди. Делегация таркибидан Бизнес ва технологиялар мактаби ва мазкур ОТМнинг Таълим мактаби деканлари Симмон Куммингс ҳамда Бренд Файф ҳам ўрин олган.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон томони билан Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш билан бўлиқ техник, ҳуқуқий ва молиявий жиҳатлар ҳамда янги ўқув йилидан — 2018 йилнинг сентябр ойидан бошлаб таълим муассасаси фаолиятини бошлаш масалалари муҳокама қилинади.

Тошкент шаҳрида АҚШ университетининг биринчи филиали очилиши тўғрисидаги Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Wэбстер университети ўртасидаги битим Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сентябр ойида Ню-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форуми якуни бўйича имзоланган.

Вебстер университети делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастурида Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим, Ахборот технологиялари ва коммуникациялар вазирликларида учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган. Музокаралар давомида мамлакатимизда Вебстер университети филиали фаолиятининг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинади ҳамда Университет томонидан тузиладиган ўқув дастурлари келишиб олинади.

Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, АҚШ делегацияси Ўзбекистондаги таълим муассасаларида ташкил этилган ўқув жараёни билан танишиш мақсадида бир қатор миллий университетларга (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети) ҳамда хорижий ОТМнинг филиалларига (Инҳа университети, Турин политехника университети, Цингапур менеджмент институти, Вестминстер университети) ҳам ташриф буюради.

Режага кўра, Вебстер университетининг филиалида Ўзбекистонлик талабалар «ахборот технологиялари», «ахборот хавфсизлиги», «ОАВ ривожланиши», «бизнес», «табиий фанлар» ва «педагогика» каби таълим йўналишларида бакалавр ва магистр даражасини олишлари мумкин бўлади. Ўқиш АҚШ университети профессорлари ва маҳаллий ўқитувчилар томонидан инглиз тилида олиб борилади.

Вебстер университети 1915 йилда Миссури штати Сент-Луис шаҳрида ташкил этилган. Университетнинг муваффақиятли фаолият юритаётган Швейтсария, Австрия, Греция, Голландия, Хитой, Таиланд ва Гана каби давлатларда 7 та халқаро филиаллари мавжуд. Шунингдек, 2017 йилда Американинг энг яхши университетлари рейтингида 24-ўринни эгаллаган.