Тошкентдаги Ўзбекистон миллий университети ҳамда Тошкент давлат техника университети жойлашган Талабалар шаҳарчасида Инновацияларни жорий этиш илмий-амалий маркази ташкил этилади. Шу ерга янги ташкил этилган Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳам жойлаштирилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни марказ лойиҳаси билан танишди, дея хабар қилди ЎзА.

Давлат раҳбари марказ ва вазирликка жой танлаш ҳақида сўзлар экан, «Бу ерда улкан салоҳият мавжуд… Бу ерда ўқийдиган ёшлар — бизнинг келажагимиз», — деди (иқтибос «Ўзбекистон 24» телеканалидан).

«Энг муҳим вазифа — халқда инновацион фикрлашни шакллантириш. Инновациялар йўқ жойда ривожланиш ва рақобат ҳам бўлмайди, — дея Президент сўзларидан иқтибос келтирди ЎзА. — Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз».

Инновацияларни жорий этиш илмий-амалий маркази 2019 йил баҳорида фойдаланишга топширилади.