Сирдарё вилоятининг футбол бўйича раҳбарлари Аҳрор Миразимов ва Жаҳонгир Муродқосимов футболчилар ёши тўғрисидаги маълумотларни сохталаштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар қилди.

23−29 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятлар терма жамоаларининг 2000 йилда туғилган ўсмирлар гуруҳлари ўртасида республика чемпионати бўлиб ўтди. Чемпионатда 12та жамоа 4та гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашди.

ЎФФ вакили Сирдарё вилояти термасида ёши қасддан кичрайтирилган футболчини аниқлади. Янада аниқроғи у жамоа таркибида рўйхатга олинмаган. Сирдарё вилоятининг мусобақадаги барча натижалари бекор қилинди, жамоанинг ўзи беллашувдан четлатилди.

ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов вилоят жамоасига масъул бўлган шахслар — Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовни футболдан бутунлай четлаштириш ва уларга футбол фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензия, сертификатларни бир умрга бекор қилиш юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритди.

Сирдарё футбол федерациясига номи келтирилган мансабдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши бўйича топшириқ берилди.