1 декабрь куни янги Бухоро-Мискин темир йўлини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.

Бухородан Мискингача бўлган 355 км лик тармоқни қуриш ишлари 2016 йил декабрда бир вақтнинг ўзида икки томондан бошланган эди. Темир йўлининг икки бўлаги 1 сентябрь куни тўқнашди.

Янги йўлнинг ишга туширилиши натижасида Тошкент билан Урганч ўртасидаги масофа 75 км га қисқарди. Бугунга қадар пойтахтдан Хоразм вилояти маъмурий марказига қадар Навоий-Учқудуқ-Мискин йўналиши бўйича қатнар эди.

Линияни ётқизиш жараёнида 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич, 5 та янги станция (Янгиобод, Тузтепа, Учачик, Сузакдор, Даутепа) ва 5 та разъезд (Машак, Азанир, Алабуга, Жакасой, Акчуқа) бунёд этилди. 1500 нафардан зиёд ишчи ва мутахассислар, 1000 дан ортиқ қурилиш техникалари ва механизмлари фаолият кўрсатди.

Дастлаб, янги линия бўйлаб юк таркиблари ҳаракатланади. Йўловчиларни ташиш эса инфратузилмалар фаолияти тўлиқ йўлга қўйилгандан сўнг амалга оширилади.

Истиқболда янги линия бўйлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива туристик шаҳарлар ягона транспорт йўналишини боғловчи Afrosiyob тезюрар поездлари ҳаракатланади.