Жанубий Кореянинг «Инчхон» Халқаро аэропорти корпорациясининг икки нафар маслаҳатчиси уч ой давомида пойтахт аэропортининг «Тошкент-2» халқаро линиялар терминали фаолияти самарадорлигини ошириш устида ишлайди. Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси хабар қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига уюштирган давлат ташрифи доирасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» делегацияси «Инчхон» аэропорти (Incheon International Airport Corporation — IIAC) раҳбари Чуанг Ил-Ёнг билан учрашув ўтказди.

Учрашувлар жараёнида мавжуд «Тошкент-2» терминали самарадорлигини ошириш йўли муҳокама қилиб, ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолади. Ушбу меморандумга кўра, пойтахт аэропорти фаолиятини яхшилаш бўйича таклифларни тайёрлаш учун маслаҳатчи сифатида IIAC мутахассисларини жалб қилишни кўзда тутади.

«Инчхон» халқаро аэропорти йилига 57 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. 2005 йилдан «Инчхон» ҳар йили Халқаро аэропортлар кенгаши талқини бўйича дунёнинг энг яхши аэропорти деб тан олиниб, Британиянинг Skytrax тадқиқот компанияси талқини бўйича «Беш юлдуз» олий рейтингини олиб келади.

Тошкент аэропорти кўп йиллардан буён алоҳида хизматлар фаолиятининг самарасиз ташкил этилиши ва инфратузилмаларнинг ноқулайлиги сабабли йўловчилар норозилигини келтириб чиқармоқда.