Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 23 ноябрь куни Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабзда хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини тасдиқлади. Norma.uz ҳужжатнинг тўртта асосий йўналишини ажратиб берди.

Туризм хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш. Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБда ситуацион марказлар фаолият кўрсатади. Улар хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни реал вақт режимида потенциал хавфлардан хабардор қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашиш билан шуғулланади.

Вилоят ИИБларда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқармалар ташкил этилади. Уларнинг бошлиқлари бир вақтнинг ўзида ИИБ бошлиғи ўринбосари саналиб, шахсий таркиб биринчи навбатда хорижий тилларни билувчи ходимлар орасидан танлов асосида шакллантирилади.

Мамлакатда бўлиб турган даврда сайёҳлар хавфсизлигини, транспортдан фойдаланиш ва кўчишларини таъминлаш. Туризм соҳасида хизматлар кўрсатувчи ва етиб келган сайёҳлар ҳисобини юритувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабздаги транспорт инфратузилмалари ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида плакатлар, белгилар ва кўрсаткичлар ўрнатилади.

Мобиль илова сайёҳларни бўлиб туриш қоидалари, виза ва рўйхатга олиш жараёнлари, диққатга сазовор манзиллар ва йўналишлар, шунингдек яқин милиция таянч пунктлари ва тиббиёт муассасалари тўғрисида хабардор қилиб туради. Мазкур мобиль иловада сайёҳ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мушкул вазиятга тушиб қолганлик тўғрисида хабар юбориши ёки ўз мамлакатининг консуллик идорасига мурожаат ёзиши мумкин.

Яшаш жойи хавфсизлигини таъминлаш, меҳмонхонага жойлашиш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш. Ҳар бир меҳмонхонада етиб келган сайёҳларнинг маълумотлар базасини шакллантиришга имкон берувчи «Э-меҳмон» электрон ахборот тизими жорий этилади. Меҳмонхоналарга кириш жойи куну тун видеокузатув остида бўлади.

Бундан ташқари, «Хавфсиз туризм» ягона аппарат-дастурий мажмуа жорий этилади. Бу видеокузатув, маълумотларни таҳлил қилиш ва автомат равишда қайта ишлаш, ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тизими ҳисобланади.

Туристик диққатга сазовор масканларга ташриф буюрган сайёҳлар ва расмий хорижий делегациялар хавфсизлигини таъминлаш ва кечки кўнгилочар дастурларни ташкил этиш. Сайёҳларни индивидуал ҳимоя қилиш бўйича махсус техник воситаларга бўлган талабларни ишлаб чиқиш ва ўрнатиш ҳам белгиланган.