Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, пахтачилик тармоғининг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Улар қаторида, биринчи навбатда, хом ашёни қабул қилиш, ташиш ва қайта ишлаш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни реализация қилишда ҳисобга олиш ва назорат тизимининг мавжуд бўлмаслигига олиб келган замонавий технологияларнинг етарлича жорий этилмаганлигини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Қарорга мувофиқ «Ўзпахтасаноат» ва «Ўзпахтаэкспорт» акциядорлик жамиятларини бирлаштириш, шунингдек, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясини тугатиш асосида пахтачилик тармоғи учун масъул бўлган ягона ташкилот — «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ёғ-мой тармоғини ривожлантиришнинг мақбул йўлларини белгилаб олиш мақсадида «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти ушбу тизимдан ажратиб чиқарилди.

Қарор билан пахтачилик тармоғида ишлаб чиқариш жараёнларини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Хусусан, пахта хом ашёсини қабул қилиш, тўлдириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг техник воситалари ва услублари яхшиланади. Пахта тозалаш корхоналари замонавий ўлчов воситалари, лаборатория ускуналари, пахта хом ашёсини қабул қилишда инсон омилининг ролини пасайтирадиган энг янги ахборот технологиялари билан жиҳозланади.

Мазкур чора-тадбирлар пахта хом ашёсини қабул қилиш, ташиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни реализация қилиш устидан самарали ҳисобот ва назорат тизимини жорий этишга қаратилган бўлиб, қўшиб ёзиш ва аниқ маълумотларни бошқача тарзда бузиб кўрсатиш ҳолатларини истисно қилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Сифат» пахта толасини сертификатлаш марказининг «Ўзстандарт» агентлиги тузилмасига ўтказилганлиги бошқа муҳим ўзгаришлардан бўлди. Ҳозирги кунга қадар 1,2 минг нафардан ортиқ ходими бўлган «Сифат» маркази ва 1,5 минг нафар ходимга эга «Ўзстандарт» агентлиги ўзаро ўхшаш фаолиятни ташкилий бўйсунувсиз, мустақил равишда амалга ошириб келган. Стандартлаштириш соҳасида такрорийликнинг бартараф этилиши пахта толаси, пахта линти ва техник чигит каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш нормативлари ва талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлайди.

Пахтачилик тармоғида молия интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилди.