UZMOBILE Миллий мобиль оператори («Ўзбектелеком» филиали) Тошкентда ZTE корпорацияси билан ҳамкорликда Pre5G технологиясини синовдан ўтказганини маълум қилди. Бу каби синов ишлари Ўзбекистонда илк бор «Ўзбектелеком» компаниясининг Телекоммуникациялар ва персонални ривожлантириш маркази лабораторияси базасида ташкил этилди.

Оператор матбуот хизматининг хабар қилишича, лойиҳа 4G тармоқларида 5G технологиясидан фойдаланишни кўзда тутади. Боиси ҳозирча бешинчи авлод технологияларини стандартлаштириш жараёни якунига етгани йўқ. У оператор тармоқларида трафиклар зарби билан қандай ишлашни тушунишга ёрдам беради.

Синов ишлари 4×4 MIMO, 256-QAM частоталар агрегациялари бошқа технологиялардан фойдаланилган ҳолда ўтказилди. Базавий станциянинг мультирежимли радиомодулида ўтказилган синовлар маълумотларни ҳар бир фойдаланувчига 1 Гбит/с гача тезликда узатишини кўрсатди.

«UZMOBILE телекоммуникация технологияларини ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар билан истиқболли тараққиётни ҳисобга олган ҳолда мавжуд тармоқлар базасида инновацион ечимларни амалга ошириш масалаларидан жадал фаолият олиб бормоқда», - деди UZMOBILE техник директори Сергей Мельников.