Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар қилди ЎзА.

Суҳбатда томонлар Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларининг муҳим масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлган жорий йил аниқ амалий мазмунга бой бўлгани ҳамда икки томонлама муносабатларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш, янги, сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш имконини берганини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлиги жадал кенгайиб бормоқда, барча даражада, жумладан, чегараолди ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқот фаоллашмоқда. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ортди, қўшма савдо уйлари ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.

Давлат раҳбарлари ҳамкорлик бўйича режалаштирилган, аввало, иқтисодиёт соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида биргаликда янада фаол ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидладилар.

Президентлар ташқи сиёсат ва етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.