Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Биринчи Президент Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватан мустақиллиги, эл-юрт равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида қабул қилинди.

Таваллуб санасини нишонлаш доирасида январда Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуаси, Қаршида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш режалаштирилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)» китобини, Ислом Каримовнинг «Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир», «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарларини, шунингдек, «Президентга мактублар» китобини нашр этиш ҳамда таълим масканлари, ахборот-ресурс марказлари, маданий-маърифий муассасалар ва маҳаллаларга етказиш белгиланган.

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан «Ислом Каримов — мустақил Ўзбекистон асосчиси» китоб-альбоми нашрга тайёрланади.

Самарқандда «Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилади.

Таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Биринчи Президент хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этилади.

2018 йилнинг I чорагида «Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови якунланиб, унинг ғолиблари тақдирланиши лозим.