Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимлари Тошкентда фуқаро Умида Узоқовани диний-экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиш ва одамларни ёллашда гумон қилиб қўлга олди.

Душанба куни бўлиб ўтган брифингда ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, мазкур иш юзасидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

«Газета.uz"нинг ИИББдан аниқлик киритишича, гумонланувчи одамларни «Ислом давлати» террористик ташкилоти сафига жалб қилишга ҳаракат қилган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан қамоққа олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов тадбирлари давом эттирилмоқда.