Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси таркиби иккита бош вазир ўринбосари лавозими билан кенгайтирилди. Ўзбекистон Президенти 27 ноябрь куни шу ҳақдаги қарорни имзолади, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Шундай қилиб, бош вазир ўринбосарлари сони олтитадан саккизтага (биринчи ўринбосарни ҳисоблаганда) оширилди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари этиб Сухроб Холмуродов тайинланди. Мартдан бошлаб у Ўзбекистон Миллий банкига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Комплекс раҳбари янги ташкил этилаётган Инновацион ривожлантириш вазирлиги ва Инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини назорат қилади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Молия вазирлигига раҳбарлик қилиб, бош вазир ўринбосари — молия вазири — Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплексининг раҳбари бўлди.

Аввалги молия вазири Ботир Ходжаев Иқтисодиёт вазирлигини 2011 йилдан буён бошқариб келаётган Галина Саидова ўрнини эгаллади.

Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари -Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний маданият ва спорт масалалари комплекси раҳбари лавозими жорий этилди. Бунга қадар мазкур масалалар бош вазир тасарруфида эди. Мазкур лавозимга ким тайинлангани тўғрисида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.

Нодир Отажонов («Ўзагротехсаноатхолдинг» бошқаруви раиси) ва Зойир Мирзаев (қишлоқ ва сув хўжалиги вазири) бошқариб келаётган комплекслар мос равишда Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексига ўзгартирилди.