Ўзбекистон ва Германия эксперт ҳамжамияти диний экстремизга қарши кураш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Республика Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девони, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро тадқиқотлар ахборот-таҳлил маркази ва «Стратегик тараққиёт» маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Германияда беш кунлик ташриф билан бўлди.

Ташриф доирасида ФРГ канцлери маҳкамаси, ташқи ишлар, иқтисодиёт ва энергетика, иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик федерал вазирликлари, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази, Ташқи сиёсат немис ҳамжамиятида музокара ва маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Берлинда парламентарийлар, тадқиқот ва академик доиралар, бизнес ҳамжамиятлар ҳамда ФРГ Ташқи ишлар федерал вазирлиги вакиллари иштирокида «Ўзбекистон қайта ўзгаришлар жараёнида. Ислоҳотлар сиёсати: режалар ва истиқболлар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

«Янги ва истиқболли ҳамкорлик соҳаси сифатида диний экстремизмга қарши кураш, Ўзбекистон Президентининг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш тўғрисидаги ташаббусини амалий жиҳатдан амалга ошириш нуқтаи назаридан ёш авлоднинг маънавий ривожланиши учун шароитлар яратиш таклиф қилинди», - дейилади ТИВ хабарида.